Жорий йилнинг 21 декабрь куни Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистон Республикаси мактаблари билан танишиш мақсадида ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
Хизмат сафари давомида Қозоғистонда фаолият юритаётган хусусий модуль мактабларини ташкил этиш тажрибасини ўрганиш, Қозоғистон Республикаси Фан ва таълим вазирлигида истиқболдаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш бўйича музокаралар ўтказиш ҳамда таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Ўрганиш жараёни ASTANA GARDEN SCHOOL ҳамда «Smart technological school» мактаблари фаолияти билан танишишдан бошланди.
Бахтиёр Саидов кичик ёшдаги ўғил-қизлар таълим оладиган ASTANA GARDEN SCHOOL мактабида бўлиб, 0-6 синф ўқувчилари учун яратилган шароитларни ўрганди. Мазкур мактабда 6-синфгача бўлган ўқувчилар таълим олади. Уларга аниқ ва ижтимоий фанлар, жумладан, математика, санъат, жисмоний тарбия ва шахсий ривожланиш каби фанлар бўйича билим берилади. Бошланғич мактаб ўқув дастурида кичик ёшдаги болаларнинг дунёнинг яхлит манзарасини кўришига, шу билан бирга уларнинг мукаммал таълим олиши учун зарур бўлган универсал кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
«Smart technological school» мактабида таълим энг замонавий ёндашувлар асосида олиб борилиши вазирнинг эътиборини тортди. Мактабда олиб бориладиган турли тўгараклар ҳамда профессор-ўқитувчилар иш фаолияти билан яқиндан танишди.