Венгриянинг етакчи университети билан битим имзоланди

Жорий йилнинг 16-17 февраль кунлари Будапешт шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссия йиғилиши давомида иккитомонлама олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида музокаралар олиб борилган эди.

? Ушбу музокараларнинг мантиқий давоми ўлароқ бугун, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Венгриянинг Дебрецен университети ўртасида мазкур университетнинг таълим дастурларини Ўзбекистонда амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш онлайн-маросими бўлиб ўтди.

?Мазкур маросимда Ўзбекистон томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов бошчилигида вазир ўринбосари У.Бегимкулов, Республика олий таълим кенгаши раиси У.Умурзаков, Тошкент шаҳридаги нуфузли ОТМ ректорлари ҳамда Венгрия ҳукумати томонидан Дебрецен университети ректори З.Силваши, Венгрия ректорлар конфренцияси бош секретари З.Дубеци ва Ўзбекистон Республикасининг Австриядаги фавқулотда ва мухтор элчиси А.Файзуллаевлар иштирок этишди.

? Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ва Дебрецен университети ректори проф. З. Силваши томонидан имзоланган ушбу битим университетнинг биотехнология, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби таълим соҳаларида таълим дастурларини амалга оширишни назарда тутади.

? Томонлар келишувига биноан Дебрецен университети янги технологиялар асосида ишлаб чиқилган ўқув ва илмий тажрибасини Ўзбекистонда тадбиқ этади.

?  Венгрия ҳукумати томонидан ажратиладиган грантлар асосида ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари орасидан 100 киши Венгрия олий таълим муассасаларида ўқиш учун юборилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Дебрецен университетида умумий ҳисобда 28 мингдан зиёд талабалар, шу жумладан дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан келган 6,3 мингдан зиёд чет эллик талабалар таҳсил олади.