Халқ таълими вазири Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Константин Оболенски билан учрашди. Учрашувда мамлакатлар ўртасида халқ таълими соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалалар кўриб чиқилди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ушбу учрашувнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Швейцариянинг муваффақиятли тажрибаси мисолида кўмак беришни таклиф этди. Шу билан бирга халқ таълимининг ҳозирги ҳолати, амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар, шунингдек, долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида фикр билдирди. Вазир қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдириб, таълим соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлигини ҳам қайд этди.