Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак – Президент
Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 сентябрь куни ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига тўхталиб ўтилди. Ҳозиргача бу лойиҳа доирасида 567 минг ўғил-қиз бепул сабоқ олди. Эътиборлиси, уларнинг 79 фоизи мактаб ўқувчиларидир.

Йиғилишда ахборот технологиялари бўйича таълим шароитларини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ҳам ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этмагани кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳани ҳар бир мактабга етказиш, зарур ҳолларда уларни қўшимча компьютерлар билан таъминлаш, болаларни ўқишга кенг жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

– Бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслиги керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, бундай ўқувлар жойлардаги Ёшлар маркази, “Ишга марҳамат” моно-марказлари негизида ҳам ташкил этилиши айтилди.

Бугунги кунда юртимизда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган.

Шу боис мутасаддиларга ушбу мактаблар учун педагоглар, техника ва ўқув дастурларини ҳозирдан пухта тайёрлаш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир янгилик – жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Йиғилишда ушбу техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Кадрлар тайёрлашда ўқув марказлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Алоқа банк томонидан устави 80 миллиард сўм бўлган Венчур жамғармаси ва IT билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилиши белгиланди. Ушбу марказда келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшларга дастурий таъминот, мобил иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.

Бундан ташқари, ҳозирда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилди. Ушбу марказлар фаолиятини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида яна шундай ўқув масканлари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.