Умумтаълим мактаблари рейтинги қандaй мезонлар асосида аниқланади?
Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz Attestatsiya testlari — test.muallimlar.uz

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мактаблар ва академик лицейлар рейтингини аниқлашдаги янгиликларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 июнь куни қабул қилинган “Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

 

Анжуман давомида берилган маълумотга кўра, мактаб рейтингини аниқлайдиган индикаторларни яратиш жараёнида хорижий тажрибалар ўрганилиб, хусусан, АҚШ, Россия Федерацияси, Япония, Австралия, Швейцария, Голландия, Канада ва Украина каби давлатларда умумтаълим муассасалари рейтингини баҳолаш методикаси чуқур таҳлил қилинган.

Шунингдек, миллий рейтинг индикаторларини ишлаб чиқиш жараёнларига фан методистлари, малакали педагоглар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилган. Қарор лойиҳасини тайёрлаш доирасида бир неча бор давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, қарор лойиҳаси 39 та вазирлик ва идорага келишиш учун ҳамда regulation.gov.uz порталига умумхалқ муҳокамаси учун жойлаштирилди ва билдирилган таклифларга асосан янада такомиллаштириб, қабул қилинди.

Умумтаълим мактаблари рейтинги қандaй мезонлар асосида аниқланади?

Мазкур қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Қарорга кўра, Таълим инспекцияси ҳар йили 1 сентябрга қадар:

 

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда туманлар (шаҳарлар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини;

 

Шу билан биргаликда, мактаблар рейтинги натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо беришда ҳам инобатга олинади.

 

Таълим инспекцияси томонидан сўнгги 2 йилда мактаблар рейтинги эълон қилиниб келинаётган эди. Биринчи марта Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари томонидан тавсия қилинган мактаблар рейтингга жалб қилинган бўлса, ўтган йили тасодифийлик тамойили асосида 10 фоиз мактаблар танлаб олинган эди.

Энди янги қарор бўйича барча мактаблар рейтингга жалб қилинади. Баҳолаш мезонларига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳокимлар ҳамда уларнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолиятини мактаблар рейтинги орқали баҳолашда қуйидаги кўрсаткичлар инобатга олинади:

 

Биринчи кўрсаткич – мактаб битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлиги ва таълим сифати даражаси;

 

Бунда 11-синф битирувчилари томонидан олий таълим муассасаларига киришда тўплаган баллари ҳамда олий таълим муассасасига ўқишга кирганлар салмоғи инобатга олинади.

 

Иккинчи кўрсаткич– ўқувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси;

Учинчиси, 11-синф битирувчиларининг бандлик кўрсаткичи;

Бу кўрсаткич тизимда умумий ўрта таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар маълумотлари асосида шакллантирилади.

Тўртинчи кўрсаткич –таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида содир этилган жиноятлар улуши;

Бу кўрсаткич Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумоти асосида шакллантирилади.

Бешинчи кўрсаткич эса, мактаб педагогларининг сифати (салоҳият);

Бунда жами ўқитувчилардан неча фоизини олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар ташкил этиши ҳисобланади.

Олтинчи кўрсаткич – ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражаси;  

Бунда жами ўқитувчилардан неча фоизида хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки хорижий сертификат борлиги инобатга олинади.

Еттинчи кўрсаткич эса, таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбиявий муҳитни қўллаб-қувватлаш учун туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг орттирилган маблағлари ҳисобидан қилинган қўшимча харажатлари ҳажмига қараб баҳоланади.

Ушбу кўрсаткич Молия вазирлиги маълумоти асосида шакллантирилади.

Сўнгги саккизинчи кўрсаткичда эса таълим муассасасида маънавий-маърифий ва ўқув тарбиявий муҳит каби мезонлар инобатга олинади. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш ташаббус доирасида қилинган ишларга баҳо берилади.

 

Юқорида санаб ўтилган мезонлар бўйича барча мактаблар баҳоланади ва натижалар туман ва шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкентшаҳри бўйича эълон қилинади.  

Файзулло Яҳёев, Отабек Мирсоатов(сурат), ЎзА