“Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармонида Ўзбекистон 2030 йилга келиб PISA Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига кириши белгилаб берилган. Бунда ўқув дастур ва дарсликларни жаҳон стандартлари асосида яратиш муҳим ҳисобланади. Миллий ўқув дастури асосида тайёрланаётган янги Математика дарслиги ҳам мазкур мақсадга йўналтирилмоқда. Ҳозирда республика таълим марказида ташкил этилган дарслик тузувчилар гуруҳ томонидан 1-синф математика дарслиги яратилди.
Тадқиқотларга кўра, ҳисоб-китобни яхши ўзлаштирган ўқувчидан кўра, математик мушоҳада ҳамда мантиқий фикрлаш кўникмасига эга ўқувчи турли вазиятда муаммоларга тез ечим топади. Шуни ҳисобга олиб тайёрланган Миллий ўқув дастурида ўқувчининг математик тафаккурини ривожлантиришга эътиборни қаратилди. 1 -синф Математика дарслигида ҳам илк бор фарзандларимизни математик мушоҳадага чорлайдиган машғулот ва топшириқларга кенг ўрин берилган.
Бошланғич синф ўқувчиларинг тасвирий кўринишдаги ўқув материалларини англаши мавҳум тушунчаларни англашидан кўра осонроқ кечади. Буни ҳисобга олган ҳолда, яратилаётган дарсликларда кўргазмали материаллардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинган.
Ўқувчилар ҳаётий фаолиятлари давомида қўллашлари мумкин бўлган билим ва кўникмаларни беришга йўналтирилган материаллар, топшириқлар, жумладан робототехника элементларидан фойдаланилганлиги ҳам дарсликнинг асосий ютуқларидан биридир.
Aмалдаги дарсликларнинг катта қисмидан назарий материаллар ўрин олган эди. Нашрга тайёрланаётган дарсликларда эса амалий характердаги ўқув материалларига кўпроқ эътибор қаратилган.
Имитация яъни берилган топшириқ асосида боланинг ўзи худди шунга ўхшаш бошқа топшириқ яратишини кўзда тутадиган ва интерпретация яъни бир маълумотни бошқа кўринишдаги маълумотга, масалан, матн кўринишидаги маълумотни рақам кўринишидаги ёки диаграмма кўринишидаги маълумотга ўзгартиришни кўзда тутадиган топшириқлар ҳам янги дарсликларда кенг қўлланилган.
Шунингдек дарсликдаги топшириқларнинг асосий қисми ўқувчининг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган. Ҳар бир мавзу бўйича дарсликнинг охирида мантиқий топшириқлар алоҳида илова қилинган.
Дарсликда мавзулар спиралсимон тарзда берилган. Мавзулар ҳар сафар аввал берилганига қараганда кўлами кенгайган ва чуқурлашган ҳолда такрорланади.
Aҳамиятли жиҳати дарслик учун геймификациядан ҳам фойдаланилган. Хусусан, дарслик учун 20 та босқичдан иборат таълимий ўйин яратилди. Ўйинда сонларни катта кичиклигига кўра таққослаш, нарсаларни шакли ва ҳажмига қараб таққослаш, 20 гача бўлган сонларни тоқ ва жуфтга ажратиш, симметрия ҳосил қилиш ҳамда 9 гача рақамлаш мавзулари қамраб олинган. Топшириққа тўғри ёки хато жавоб берилгани ҳақида фойдаланувчига дастурнинг ўзи хулоса бериши ўқувчилар бемалол математикадан ўрганганларини дарслардан ташқарида ҳам катталарнинг кўмагисиз мустаҳкамлашларига имкон беради. Ўйинга ҳар сафар кирилганда топшириқлар такрорланмаслиги эса ўқувчилар ундан зерикиб қолмаслигини таъминлайди.